Сўнгги икки йил ичида Ўзбекистон хусусий инвестор билан ҳамкорликда ўз чегараси бўйлаб иккита янги замонавий божхона ва логистика терминалини қурди. Мамлакат яна еттита пункт қуришни режалаштирмоқда. Улардан иккитасини қуриш ишлари аллақачон бошлаб юборилган.
Ҳукумат барча тўққизта терминални қуриш ва ишлатиш учун очиқ тендер эълон қилган бўлса-да, Абдуқодирлар оиласи билан ҳамкорлик қилишга анча олдин қарор қилган кўринади.
Журналистлар оиланинг энг муҳим қурилиш лойиҳаларини бошқарадиган Hyper Finance Group компаниясидан олган ҳужжатлар тўплами бунга далил бўла олади.
Улар орасида терминаллардан бештасини 50 миллион долларга қуришга бағишланган PowerPoint презентацияси бор. Презентациянинг биринчи слайдида Абдуқодирларнинг Германиядаги компанияси — AKA Group, Ўзбекистон Божхона қўмитаси ва давлат темир йўл компанияси логотиплари бор. Шунингдек, слайдда бу ташкилотлар лойиҳанинг «ташаббусчилари» деб кўрсатилган.
Файлнинг метамаълумотлари шуни кўрсатадики, у охирги марта 2018 йилнинг август ойида ўзгартирилган. Яъни, ҳужжат терминаллар тендерга қўйилишидан анча олдин ҳозирланган.
Шунингдек, 2018 йил 16 ноябрь санасида сақланган папка журналистлар қўлига тушди. Унда барча тўққизта терминал бўйича режалар ҳақида маълумот бор. Бу санадан саккиз кун ўтиб президент Мирзиёев айнан шу тўққиз терминални қуриш бўйича фармон чиқарган.
Номида 2018 йил 12 декабрь санаси кўрсатилган яна бир ҳужжатда тўққиз қурилажак терминал рўйхати келтирилган ва улардан тўрттаси устувор экани белгиланган. Ордан бир ой ўтиб, Давлат божхона қўмитаси айнан ўша тўрт терминални қуриш бўйича тендер эълон қилган.
Тендер эълон қилинганидан кейин ҳужжат топширишга атиги 10 кун берилган. Тендер эълонида ҳукуматнинг потенциал ҳамкорлари дастлабки саралаш босқичидан ўтиш учун бир қатор шартларни бажаришлари кераклиги таъкидланган. Улар орасида камида иккита терминал қуриш тажрибаси, шу жумладан, хорижда; терминалларни бошқариш бўйича беш йиллик тажриба; камида икки йилга чўзилган ижобий халқаро имиж; ҳамда камида 7 миллион долларлик устав капиталига эгалик талаблари бор.
Абдуқодирларнинг шартномани қўлга киритгани тахмин этилаётган компанияси ушбу шартларга жавоб бермаган. Унинг ҳатто веб-сайти ҳам йўқ, компания эса тендер эълон қилинишидан атиги уч ой олдин тузилган.
Қолган бешта терминални қуриш бўйича иккинчи тендер 2020 йил январь ойида эълон қилинган. Давлат тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар реестрида Абдуқодирлар оиласининг айни ширкати терминаллардан бирининг инвестори ўлароқ кўрсатилган. Шунингдек, компания бўлажак терминалга яқин жойдан ер участкасини олган.
Ер қайдлари ва давлат ТТХИ реестри асосида Euroasia Transportation and Logistics Company (ETLC)(Ўзбекистон) ва унинг ҳамкори Hyper Partners (Германия) ушбу терминалларнинг инвесторлари эканини хулоса қилиш мумкин.
Euroasia Transportation and Logistics Company эгаси Hyper Partners.
AKA Group халқаро ҳужжатларда Ўзбекистон божхона қўмитаси ва «Ўзбекистон темир йўллари» билан бир қаторда лойиҳанинг «ташаббускори» ўлароқ кўрсатилган.
AKA Group Ҳабибула Абдуқодирнинг хотини Малия Рези, (Мария Полвон исми остида) ҳамда ўғли Айбибула Нуэрмаймаитига (Нур Муҳаммад Полвон исми билан) тегишли.
AKA Group асосчиси — Ҳабибула Абдуқодир.