Mirabad City – Тошкент шаҳрининг Миробод туманидаги эски маҳаллани тубдан ўзгартиришни кўзловчи улкан лойиҳа.
Қиймати 430 миллион долларни ташкил қилувчи лойиҳа доирасида 50 гектар майдон ерда ўнлаб янги тураржой бинолари, савдо марказлари, мактаб, боғлар ва бошқа қулайликларни қуриш режалаштирилган. Бу участка 2018 йилда Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев томонидан Hyper Finance Group номли сирли ўзбек ширкатига берилган.
Бузилиши режалаштирилган уйларидан воз кечишни истамаган маҳаллий аҳоли лойиҳага кучли қаршилик кўрсатди. Афтидан, лойиҳа тўхтатилган, маҳаллада эса қурилиш ишлари бошлангани йўқ.
Бироқ, маҳалла фаолининг сўзларига кўра, Hyper Finance Group бу ҳудудга «тақиқ» қўйиб, уй эгаларига ўз уйларини сотиш ёки участкаларида бирор нарса қуришни тақиқлаган.
Хусусий компания қандай қилиб бунча қудратга эга бўлиши мумкинлиги ҳақидаги саволга жавобан фаол асабийлашди ва бу «телефонда муҳокама қилинадиган мавзу эмаслигини» айтди.
Бундан ташқари, Elegant Perspective номли маҳаллий компания эгасининг айтишича, шаҳар маъмурияти дастлаб лойиҳани унга беришни ваъда қилган, аммо тўсатдан Hyper Finance Group қўлига топширган. Тадбиркор Hyper Finance Group компаниясининг сирли эгаларини назарда тутган ҳолда «Бу одамлар биз билан бир жойда юрмайди», деди.
Hyper Finance Group эгалари кимлиги йиллар давомида жамоатчиликка номаълум қолди, чунки Hyper Finance Group акциядорлари шелл-компания ва бошқа шахсларнинг вакиллари ўлароқ кўрилаётган бир нечта жамоатчиликка номаълум бўлган шахслардан иборатдир.
Журналистлар қўлга киритган Hyper Finance Group ички ҳужжатлари асосида ҳозирланган ҳисоботлар шуни кўрсатадики, компания Ўзбекистон бўйлаб Абдуқодирга тегишли қатор лойиҳалар, жумладан, иккита меҳмонхона, Қўқон шаҳридаги туризм ва маданият маркази ва бир неча янги божхона терминалига жалб қилинган. Унинг ҳозирги акциядорлари орасида Абдуқодирлар оиласига алоқадор туркиялик тадбиркор ҳамда президент Мирзиёев куёвининг болаликдаги дўсти ҳам бор.
(Батафсил: Контрабанда билан шуғулланувчи таниқли оила Ўзбекистон ҳукумати кўмагида Тошкент қиёфасини ўзгартириш ҳаракатларини яширинча молиялаштирмоқда)